Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, тегишли ташкилотларга маълум вазифалар юклатилди. Зарур чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Жумладан, халқаро антидопинг агентликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган холда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни хориж мамлакатларига кўрсатиш ва халқаро тажрибани ўрганиш асносида Ўзбекистонда бу борада шаффоф тизим яратиш масаласидаги ишлар мундарижасини халқаро жамоатчиликка янада ёрқинроқ намоён этиш назарда тутилган.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 13-14 сентябрь кунлари пойтахтимиз Тошкентда Марказий Осиё минтақавий антидопинг ташкилоти (RАDОСА)нинг навбатдаги ҳисобот йиғилиши ташкил этилади. Йиғилиш дастурига биноан RАDОСАга аъзо – Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Туркманистон, Тожикистон, Мўғулистон, Покистон ва Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентликларининг допингга қарши курашиш борасида амалга ошираётган ишлари юзасидан ҳисоботи тингланади. Одиндаги янги режалар бўйича таклифлар кўриб чиқилади.
Маълумки, RАDОСА Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) таркибига кирувчи ташкилот ҳисобланиб, мамлакатларда антидопинг соҳасида амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиш, улар фаолияти мониторингини юритиш, зарур ҳолларда амалий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.
2004 йили WADAнинг мамлакатларда ҳалол спортни йўлга қўйиш, давлатларни тоза спортга жалб қилиш дастурига асосан ташкил этилган RАDОСА тизими ҳозирги кунда дунёнинг 12 минтақасида фаолият олиб бормоқда. 119 та миллий антидопинг агентликлари ва Миллий олимпия қўмиталари унинг аъзолари саналади.
Т. Рўзиев, ЎзА