Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Фавқулодда вазиятлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Элёр Аҳмадалиев маълум қилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2023 йил 16 майдаги қарори асосида қабул қилинган “Сейсмик хавфсизликни таъминлаш ва қурилишда назоратини кучайтиришга оид чора-тадбирлари дастури”да вазирлик ва идоралар қаторида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қатор вазифалар белгиланган.
Жумладан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан қурилаётган ва фойдаланишдаги объектларнинг зилзилабардошлик талабларини бузилишига олиб келувчи мавжуд камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиши;
Фанлар академияси томонидан биноларнинг сейсмик мустаҳкамлигини текшириш ва мониторинг қилиш методикаси ёрдамида биноларни синовдан ўтказиши;
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан аҳолини зилзила вақтида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишини ташкил этиш белгиланган.
Шунингдек, ер қобиғининг кучланган-деформацияланган ҳолатини кузатувчи, сейсмик хавфни баҳолашда ва зилзилалар даракчиларини қайд қилиш мақсадида 2021-2022 йилларда 10 та самараси паст станциялар фаолияти тўхтатилиб, уларнинг ўрнига 14 та янги сейсмик станциялар очилди. Шунингдек, сейсмик станциялар интернет жаҳон ахборот тармоғига уланиб, зилзилаларни реал вақт режимида мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилиб, фойдаланилаётган станциялар тармоғининг моддий-техника базаси янада мустаҳкамланди.
Бундан ташқари, республикамизда кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизимини босқичма-босқич яратиш мақсадида 2023-2025 йиллар мобайнида республиканинг сейсмик фаол ҳудудларига 200 дона акселерометрларни босқичма-босқич ўрнатиш белгиланган.
Шулар билан бир қаторда, мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини жойларда кенг тарғиб қилиш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 1-7 июнь кунлари “Аҳолини зилзилага тайёрлаш ҳафталиги” ўтказилди.
Ундан ташқари, қариялар, ногиронлар ва бошқа мурувват уйларида ўз хизмат вазифаларини олиб бораётган ишчи-хизматчиларга фавқулодда вазиятларда имконияти чекланган фуқароларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур бўлган жиҳатларни, хусусан, зилзила вақтида тўғри ҳаракатланиш қоидалари ва уларга биринчи тез-тиббий ёрдам бўйича 24 та учрашувлар ўтказилди.
Мазкур қарор билан ҳар йили Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан “Аҳолини зилзилага тайёрлаш ҳафталиги” ўтказиб бориш вазифаси белгиланган.
М.Комилова, ЎзА