Грузия парламенти “Грузия ва Озарбайжон ҳукуматлари ўртасида мудофаа соҳасида ҳамкорлик” тўғрисидаги битимни ратификация қилди, дейилган мамлакат қонун чиқарувчи идораси матбуот хизмати ахборотида.
“Ҳужжатда ҳарбий таълим, ўқув-машқи ва ўқитиш, мудофаа сиёсати ва хавфсизлик, НАТОнинг “Тинчлик учун ҳамкорлик” дастури доирасида ҳамкорлик қилиш, ҳарбий қонунчилик, ҳарбий нашр, ҳарбий тиббиёт, мудофаа соҳасида кибер хавфсизлик, ижтимоий, спорт ва маданий тадбирлар ўтказиш йўналишлари белгилаб олинган”, – дейилади битимга берилган шарҳда.
Мазкур ҳужжат, шунингдек, ўзаро расмий ташриф ва амалий учрашувлар, икки томонлама музокара, маслаҳатлашув ва тажриба алмашиш, умумий манфаатли маълумотларни баҳам кўриш, конференция ва семинарларда иштирок этиш каби мақсадларни ҳам кўзлайди.