Мамлакатимиз профессионал боксчилари жаҳон рингларида муносиб натижаларни қайд этаётган бўлса, юртимизда ушбу спорт тури бўйича истеъдодли чарм қўлқоп усталарини тайёрлаш, уларга кенг имкониятлар майдонини яратиш борасида бир қатор мусобақалар, жанглар ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 16 июнь куни пойтахтимиздаги “Ҳумо Арена” мажмуасида ўтказиладиган профессионал бокс оқшоми ҳам айни ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлмоқда. Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси президенти Умид Якубовдан йил давомида ўтказилган бокс жанглари ҳамда яна икки кундан кейин “Ҳумо Арена” мажмуасида ўтадиган мусобақалар хусусидаги саволларимизга жавоб олдик.
– 2023 йилнинг ярми ортда қолди. Ярим йилликда ўтказилган мусобақалар даражаси қониқарли бўлдими?
– Ортда қолган ярим йиллик Ўзбекистон профессионал боксчилари учун сермаҳсул давр бўлганлиги билан ажралиб турди. Ўтган олти ойликда мамлакатимизнинг бир қатор шаҳарларида профессионал бокс жанглари ташкил этилиб, юзга яқин боксчилар мусобақаларга жалб этилди. Шундан 40 га яқини дебют жангларини ўтказди. Муҳими, ёш боксчиларимизда профессионал бокс кўникмаси шаклланди, рейтинг кўрсаткичи ўсди.
– Яна икки кундан кейин Тошкентда ўтадиган профессионал бокс кечасига тайёргарлик ишлари қандай кетмоқда?
– Жорий йил давомида Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси томонидан бир қатор халқаро аҳамиятга эга бўлган тадбирлар ташкил этишни режалаштирганмиз. Биласиз, ҳар бир спорт тадбирини ўтказиш машаққатли меҳнатни талаб этади.
16 июнь куни ўтадиган бокс кечасини уюштириш, халқаро ҳамкорлар билан келишувларга эришиш, ташкилий ишларни йўлга қўйиш борасида катта ҳажмдаги вазифалар бажарилди. Куни кеча Ўзбекистоннинг Lift ҳамда Британиянинг Disrupt промоутерлик компаниялари ушбу мусобақанинг тўлиқ кардини эълон қилди. Кечанинг марказий жанги биринчи ярим ўрта вазнда Гран При финали ҳамда WBC Asia камари учун ўтказилади. Унда ҳамюртимиз Мужибилло Турсунов Қозоғистон вакили Дилшат Нурим билан 11 раундлик жанг ўтказади. Шунингдек, бокс оқшомида Буюк Британия, Никарагуа, Ирландия, Чехия, Тожикистон, Қозоғистон ва мамлакатимизнинг бир қатор номдор спортчилари ғолиблик учун рингга кўтарилади. Шу ўринда айтишим лозим, 53,5 килограмм вазнда WBA Asia South чемпионлик камари учун 2019 йилги жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзаҳалилов қозоғистонлик Нурслан Сабиров билан куч синашади. Ушбу жанг ҳам қизиқарлилиги билан алоҳида ажралиб турадиган учрашувлардан бири бўлади.
– Юртимиз боксчиларидан яна кимлар жанг ўтказиши кутилмоқда?
– Ҳаваскор боксда жаҳон чемпионати совриндори Дилшодбек Рўзметов, халқаро турнирларнинг совриндорлари Шуҳрат Абдуллаев, Исломбек Мўминов, Анвар Туропов, Суҳроб Қаюмов каби ёшлар жанг ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Шунингдек, мазкур бокс кечасида ўрта вазн тоифасида Гран-при ярим финал жанглари ташкил этилса, ярим оғир вазн тоифасида Гран-прининг чорак финаллари бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев суҳбатлашди, ЎзА