Корея Республикаси Бош прокурорининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори бошчилигидаги делегация Кореяга ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ва Корея Республикаси Бош прокурори Ли Вон Сок учрашувида икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва прокуратура органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича тажриба ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот алмашди.

Хусусан, Ўзбекистон делегацияси Корея прокуратурасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи орган фаолиятининг бошқа йўналишлари бўйича тажрибаси билан бевосита танишди.

Бундан ташқари, Корея томони йиғилиш иштирокчилар учун прокуратура органлари фаолиятида АКТдан фойдаланиш бўйича тақдимот ўтказди.

Ўзбекистон прокуратура органлари делегацияси раҳбари юқоридаги йўналишларда идоралараро ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди.

Ўз навбатида, Корея Бош прокурори Ўзбекистон томонининг ташаббусини қўллаб-қувватлаб, юқорида айтиб ўтилган йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Тадбир якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Бош прокуратураси ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини тузишга келишиб олди.

Корея Олий прокуратурасига ташриф ишчан ва дўстона руҳда бўлиб ўтди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА