Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги “Кун нури” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 5 қаватли 30 хонадонли уй-жой фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сектор раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 декабрдаги “Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда Тошкент шаҳрида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
“Антакия Мўйноқстрой” масъулияти чекланган жамияти томонидан қуриб битказилган уйда фаровон турмуш кечириши учун барча қулайликлар яратилгани эътироф этилди. Шу куни уй-жойга муҳтож етти нафар хотин-қизга ҳам янги уйнинг калитлари топширилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилашга қаратилаётган эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири