Бугун, 14 июнь куни пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадионида Ўзбекистон терма жамоаси ва Туркманистон терма жамоалари иштирокида “CAFA NATIONS CUP” турнирининг иккинчи тур баҳслари бўлиб ўтади. Мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари майдонда кўк либосда, дарвозабонимиз қора либосда ҳаракатланади.
Мазкур учрашувни бош ҳакам сифатида қирғизистонлик Нурзатбек Абдуқодиров бошқариб боради. Унга қанотларда қирғизистонлик мутахассис Сергей Гришченко ва Афғонистон вакили Моҳид Шариф Сарвари ёрдам кўрсатади. 4-расмий ҳакам вазифаси эса эронлик Ҳасан Акрами зиммасига юкланган.
“CAFA Nations Cup 2023″ гуруҳ ўйинлари 17 июнгача давом этади. Гуруҳларда 1-ўринни эгаллаган жамоалар 1-ўрин учун финалда рўбарў келса, 2-ўринни эгаллаган жамоалар ярим финалда 3-ўрин учун кураш олиб боради. Кеча Қирғизистонда ўтаётган “CAFA NATIONS CUP“ мусобақасининг “Б” гуруҳидаги Эрон ҳамда Афғонистон ўртасидаги учрашув 6:1 ҳисобида эронликлар фойдасига ҳал бўлди.
Бугун Ўзбекистон – Туркманистон ўйини қатори “А” гуруҳидаги Ўмон – Тожикистон қарама-қаршилигидаги 2-тур баҳслари ҳам бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, финал ва 3-ўрин учун ўйинлар 20 июнь куни пойтахтимиздаги “Пахтакор” ва “Бунёдкор” стадионларида ташкил этилади.
Т. Рўзиев, ЎзА