Жорий йилнинг 1 январидан Тошкент шаҳридаги барча автобусларда йўлкира тўловларини нақд шаклда тўлаш тўхтатилгани ҳақида хабар берилган эди.
Бу ҳақда ЎзА жамоатчиликка Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекциясининг пойтахт ҳудудий бўлими инспектори Салимжон Нишонбоев интервьюси орқали маълум қилган.
Мазкур интервьюда тизим мутасаддиси нақд пулда тўлов қилувчилар жаримага солинишини айтиб ўтган. Шунингдек, тўловларни қабул қилишда ҳайдовчилар учун ҳам, йўловчилар учун ҳам маъмурий жавобгарлик назарда тутилганини алоҳида эслатган.
Инспектор интервьюсида бундай ҳолатларда дастлаб йўловчилар ва ҳайдовчилар огоҳлантирилиши, кейин эса улар МЖтКнинг 144-(Чиптасиз саёҳат) ва 145-(Йўловчиларни чиптасиз ташиш) моддалари бўйича жаримага тортилишини таъкидлаган.
Масъулнинг бу чиқиши тармоқларда кенг жамоатчилик ўртасида турли муҳокамаларга сабаб бўлди.
Маълум муддат ўтгач эса мазкур хабар Транспорт вазирлиги томонидан рад этилди. Вазирлик ўзининг телеграм каналида расмий муносабат билдириб, нақд пулда тўлов қилувчилар жаримага тортилишини рад этди.
«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 144-моддасида йўловчининг троллейбусда, трамвайда, шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобусда чиптасиз юриши — БҲМнинг ўндан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган”,– дейилади расмий муносабатда.
ЎзА