Бугунги кунда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ёшларни хорижий тил ва замонавий касбларга ўқитиш мақсадида кенг-кўламли вазифалар амалга оширилмоқда. Хусусан, агентлик томонидан амалга оширилаётган “Mutolaa”, “Ibrat Farzandlari”, “USTOZ AI”, “Yoshlar uchun ming kitob”, “WikiStipendiya”, “Qizlar akademiyasi”, “Top 100”, “Besh tashabbus olimpiadasi”, “Modul5” каби лойиҳалар орқали минглаб ёшларимиз тил ўрганиб, касб эгаси бўлмоқда.
Жумладан, “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида 1,4 миллиондан ортиқ ёш 23 та хорижий тилни, ʼʼUstoz AI” лойиҳаси доирасида 83,1 минг нафар ёш 40 га яқин замонавий касбларни онлайн ўрганмоқда.
Хорижий тиллар бўйича халқаро имтиҳон тизимларидан C1 даражасидаги сертификатга эга бўлган 35,2 минг нафар ёшга 64,4 миллиард сўм, шундан, жорий йилда 12,3 минг нафар ёшга 24 миллиард сўм имтиҳон топшириш харажатлари қоплаб берилди.
Ёшларга замонавий касбларни ўргатадиган биргина “USTOZ AI” лойиҳасида ёшларга замонавий билим ва кўникмаларни тақдим этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ва ҳаётга инновацион ёндашувини шакллантириш мақсад қилинган. Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури тўғрисидаги фармони ижроси доирасида Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган. Лойиҳа орқали ёшларни замонавий касбларга ўргатадиган махсус платформа ишга туширилиб, 40 дан ортиқ замонавий касблар онлайн форматда ўргатилади.
Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши таъминланиб, ташқи меҳнат миграциясидаги ёшларнинг 10 фоизидан 30 фоизигача қисми бандлик билан таъминланади.
“USTOZ AI” замонавий касблар билан шуғулланувчи етакчи мутахассисларнинг профессионал видеодарсларини тайёрлаш ва платформага жойлаштириш, ёшлар ўртасида замонавий касбларни оммалаштиришга ҳам хизмат қилади. Унда 14-30 ёшдаги мактаб ўқувчилари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари талабалари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари иштирок этиши мўлжалланган.
Ёшлар ишлари агентлиги маълумотига кўра, “Ustoz AI” лойиҳаси доирасида ҳозирги кунга қадар 20 га яқин соҳа, жумладан, жамоатчилик муносабатлари, видео-монтаж, мобилография, таргет, ахборот технологиялари, архитектура, математика фанларини қамраб олувчи 350 дан ортиқ видеодарсликлар яратилган. Бугунги кунгача 70 мингдан кўп ёшлар лойиҳа доирасида бепул билим олишни бошлади. “USTOZ AI” лойиҳаси ёшлар учун замонавий билим ва имкониятлар эшигини очиб, уларнинг муваффақиятли келажагини таъминлашга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА