Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони ижроси бўйича ўтказилган тадбирларда фуқаролардан пенсия таъминоти соҳасига оид муаммолар юзасидан келиб тушган мурожаатлари ижобий ҳал этилди.

– Ушбу вазифа ижроси давомида бир нечта фуқаролар, жумладан, “Деҳқонобод” овул фуқаролар йиғинида яшовчи О.Сейфуллаева ҳамда Б.Байдақов, “Бегжап” овул фуқаролар йиғинида яшовчи A.Сейтниязов ва “Aқжап” овул фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро М.Aбдикаликовадан пенсияга чиқишда иш стажлари тўлиқ ҳисобланмаганлигидан норозилиги тўғрисида мурожаат қилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси Шарапат Шадибеков. – Aниқланишича, жами 27 йиллик иш стажига эга бўлган фуқаро О.Сейфуллаеванинг ишлаган даврларидан 15 йил 11 ой, жами 30 йиллик иш стажига эга бўлган фуқаро Б.Байдақовнинг 12 йил 9 ой, жами 29 йиллик иш стажига эга бўлган фуқаро A.Сейтниязовнинг 11 йил 2 ой ҳамда 21 йиллик иш стажига эга бўлган фуқаро М.Aбдикаликованинг 3 йил 2 ой иш стажи иш ҳақи ва ижтимоий солиқ тўлаганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаганлиги сабаб қилиниб, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шуманай тумани бўлими томонидан ушбу иш стажларни пенсия тайинлашда ҳисоблашни рад қилингани маълум бўлди.

Қонун талабларига асосланиб, меҳнат дафтарчаларида юқорида кўрсатилган меҳнат стажлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилганлиги сабабли фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида туман адлия бўлими томонидан Нукус туманлараро маъмурий судига шикоят аризалари киритилди. Суд қарори билан бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шуманай тумани бўлимига фуқароларнинг мавжуд иш стажларини қайта ҳисоблаш бўйича мажбурият юклатилди.

– Уйма-уй юриб, фуқароларнинг ҳуқуқий соҳадаги муаммоларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан ўтказилган навбатдаги тадбир давомида “Кенес” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Б.Мадреймовдан ҳам пенсияга чиқишда иш стажлари тўлиқ ҳисобланмаганлигидан норозилиги тўғрисидаги мурожаати келиб тушди, – дейди Чимбой тумани адлия бўлими бошлиғи Aзамат Ернашов. – Жами 35 йиллик иш стажига эга бўлган фуқаронинг 9 йил 8 ойлик иш стажи иш ҳақи ва ижтимоий солиқ тўлаганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд эмаслиги сабаб қилиниб, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Чимбой тумани бўлими томонидан пенсия тайинлашда ҳисобга олинмаган.

Қонун талабларига асосланиб, фуқаронинг меҳнат дафтарчаларида юқорида меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилганлиги сабабли фуқаронинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Нукус туманлараро маъмурий судига шикоят ариза киритилди. Мазкур суд қарори билан бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Чимбой тумани бўлимига ушбу фуқаронинг мавжуд иш стажларини қайта ҳисоблаш бўйича мажбурият юклатилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири