Туркия ва Озарбайжон жорий йил биргаликда 16 бор ҳарбий машғулот ташкил этишга қарор қилган. Ҳозиргача режадаги машқларнинг олтитаси ўтди. Бу ҳақда Президент Илҳом Алиев туркиялик ҳамкасби Режеп Таййип Эрдоған билан музокара якунида маълумот берди.
“Бугун биз мудофаа тизимидаги истиқболли режалар юзасидан гаплашиб олдик, 2023 йил жами 16 та қўшма ҳарбий машғулот белгилангани, машқларнинг олтитаси аллақачон ўтказилганини мамнуният билан таъкидладик”, деди Алиев.
Унинг сўзларига кўра, иккинчи Қорабоғ урушидан кейин Озарбайжон армияси Туркия модели бўйича ривожланяпти.
“Биз буни яққол кўриб турибмиз”, дея қўшимча қилди давлат раҳбари.
Алиев таъкидлашича, Боку ва Анқара ташқи сиёсат соҳасида ҳамкорликда ишлаб чиқилган йўл бўйлаб ҳаракатланишда давом этади.
“Озарбайжон – Туркия бирлиги минтақада тараққиёт, барқарорлик ва хавфсизлик учун жуда муҳим”, деган Алиев.
ЎзА