ФОТОРЕПОРТАЖ

Хоразм вилояти Хива шаҳрида Aбу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур олимпиадада мамлакатимиз ҳамда Россия, Туркия, Озарбайжон,  Ҳиндистон, Вьетнам, Жазоир, Бразилия ва Беларусь каби дунёнинг 16 та мамлакатидан жами 130 нафар ўқувчи иштирок этмоқда.

Халқаро олимпиаданинг юқори савияда ўтиши учун ҳакамлар ҳайъати таркибига маҳаллий ва хорижий давлатлардан академик, профессор-ўқитувчилар ҳамда тажрибали мутахассислар жалб қилинган.

Олимпиадага фахрий меҳмон сифатида Германия кимё жамияти аъзоси, узоқ йиллар давомида Мюнхен техника университетининг Ноорганик кимё институти директори лавозимида фаолият олиб борган профессор Жоханн Планк ташриф буюрди.

Таъкидлаш жоиз, профессор Планк – кимё соҳасидаги йирик олимлардан бири ҳисобланади. У ҳозирда Сингапурдаги Осиё Мюнхен техника университети профессори, Германия кимё жамияти, Германия нефть ва кўмир фанлари жамияти, Нефть муҳандислиги жамияти каби илмий бирлашмаларнинг фахрий аъзосидир.

Олимпиадада иштирокчиларнинг билим ва салоҳияти ёзма ва амалий лаборатория ишлари орқали баҳоланади.

Мазкур олимпиада кимё фани бўйича Ўзбекистон терма жамоаси учун жорий йил 16-25 июль кунлари Швецарияда ўтказиладиган халқаро кимё олимпиадасига навбатдаги тайёргарлик босқичи бўлиб хизмат қилади.

Беҳзодбек САИДОВ (сурат), ЎзА