Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасидаги Қора денгиз соҳилида 15 та давлат спортчилари ўртасида мотокросс бўйича «Winline Ҳамдўстлик кубоги – 2023» халқаро мусобақаси бўлиб ўтди.

Россия, Арманистон, Беларусь, Жанубий Осетия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Мўғулистон, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва Италиянинг энг яхши мотокроссчилари 65 куб.см, 85 куб.см, 125 куб.см (аёллар, ёшлар), «МХ1», «МХ2» ва «МХ Open» синфларида беллашди.

Айтиш мумкинки, ушбу нуфузли мусобақани икки кун давомида бутун дунё бўйлаб экстремал спорт мухлислари катта қизиқиш билан кузатди.

Қувонарлиси, халқаро кубок мусобақасида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти спортчиларидан иборат Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари – Эмран Аблязов 125 куб.см («МХ2»), Жасур Саматов 250 куб.см («МХ1») ва Константин Сичёв «МХ Open» синфларида қатнашиб, умумжамоа ҳисобида фахрли 3-ўринни эгаллади.

1-ўрин Россия, 2-ўрин эса Қозоғистон терма жамоаларига насиб этди.

Ғолиб ва совриндорлар пул мукофотлари, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Матбуот хизмати.

ЎзА