Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг 1 июлидан 1 августигача “Ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойлиги” акцияси ташкил этилади. Бу даврда таълим соҳаси ходимлари – мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячилари профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳамда скринингдан ўтказилади.
Тиббий текширув натижаларига мувофиқ, аниқланган касалликлар бўйича давлат кўмагида уларнинг саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш чоралари кўрилади.
Таъкидланишича, тиббий хизматга эҳтиёжи бор контингент рўйхати шакллантирилиб, улар ёши, жинси ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга ажратилади. Шундан сўнг махсус тиббий бригадалар томонидан профилактик ва чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилади.
Тиббий кўриклар якунида ҳаётида илк бор сурункали касаллик аниқланганлар диспансер назоратига олиниб, индивидуал соғломлаштирилади. Ўткир ва сурункали хасталиклар қайд этилган беморлардан бир гуруҳи бирламчи бўғиндаги кундузги шифохоналарда амбулатор шароитда, стационар ёрдамга муҳтож қатлам эса туман, шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларида даволанади. Юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор беморларга вилоят ва республика муассасаларига имтиёзли йўлланмалар тақдим этилади.
Ш. Маматуропова, ЎзА