Ҳиндистон жиноятчиликка қарши кураш агентлиги текширув жараёнида “Xiaomi” компаниясининг мамлакатдаги бўлимига, мансабдор шахсларига ҳамда учта банкка валюта бўйича қонунчиликни бузгани учун расман айблов жўнатди, деб хабар тарқатди “WION” телеканали.
Терговчилар берган маълумотга кўра, текшириш натижасида Хитойнинг смартфон ишлаб чиқарувчи мазкур компанияси хорижий ташкилотларга ноқонуний пул ўтказмалари амалга оширгани маълум бўлган. Хабарда айтилишича, бу иш 55,51 миллиард ҳинд рупийи (673,2 миллион доллар) билан боғлиқ.
Идора таъкидлашича, “Xiaomi” хорижга ноқонуний пул ўтказмалари жўнатиш билан боғлиқ фаолиятни 2015 йил бошлаган. Ўтган йил агентлик компаниянинг республикадаги активини музлатган. Xитойликлар эса айбловни инкор этиб, пул ўтказиш амалиёти қонун доирасида амалга оширилганини иддао қилган. Жорий йил апрель ойида Ҳиндистон суди корхона даъвосини рад этди.
“Xiaomi” сўнгги йилларда Ҳиндистонга жуда кўп маблағ сарфлади. Хусусан, арзон смартфон ишлаб чиқарадиган йирик завод қурди.