Қонунчиликда йўл белгиларни ўрнатишнинг ҳуқуқий асослари, уларни амалга ошириш тартиби ва механизмлари аниқ белгиланмаган.

Бу эса жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти турлича шаклланишига олиб келган. 2022 йил давомида туман ва шаҳар ҳокимларининг йўл белгиларини ўрнатиш тўғрисидаги бешта қарори бекор қилинган.

Бундан ташқари, тақиқловчи йўл белгилари йўл ҳаракати қатнашчиларини олдиндан хабардор қилмасдан ўрнатиб келинмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига йўл ҳаракатини тартибга солишнинг шаффофлиги ва очиқлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” қонун лойиҳаси шу каби бўшлиқларга барҳам бериш мақсадида ишлаб чиқилди.

Адлия вазирлиги томонидан мазкур қонун лойиҳаси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган тадбирда Адлия вазирлиги мутахассислари йўл ҳаракатини тартибга солишнинг шаффофлиги ва очиқлигини ошириш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш зарурати ҳамда қонун лойиҳаси билан белгиланаётган янги тартиб ва қоидалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Лойиҳада тақиқловчи йўл белгилари фақат Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида ўрнатилиши белгиланмоқда.

Тақиқловчи йўл белгилари ўрнатилишидан камида 20 кун олдин бундай қарор қабул қилинганининг сабаблари жамоатчиликка маълум қилинади. Бу ҳақида маҳаллий ижро ҳокимияти органининг тегишли расмий интернет саҳифалари ва оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиниши зарурлиги кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, йўл белгилари реестри шакллантирилиши ҳамда реестрга киритилмаган тақиқловчи йўл белгилари ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармаслиги қатъий белгиланмоқда.

Журналистлар қонун лойиҳасига доир ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олди.

Н.Абдураимова, ЎзА