Хива шаҳридаги «Ичан-қалъа» давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида “Pakhlavon Makhmud – Strongmen Games” III халқаро турнири ўтказилди.

Халқаро турнирда иштирок этиш учун дунёнинг 20 га яқин давлатларидан келган иштирокчилар, ҳакамлар, нуфузли меҳмонлар ҳамда ОАВ вакиллари Урганч шаҳрида тантанали кутиб олинди. Турнир олдидан иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашиш мақсадида маданий фольклор жамоалари иштирокида Ичан-қалъа давлат музей-қўриқхонаси бўйлаб сайр уюштирилди.

Спорт туризми соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ташқи ва ички бозорларда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ва имкониятларини тарғиб қилиш, мамлакатимиз ёшларини спортга бўлган қизиқишини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган халқаро спорт тадбири икки кун давом этди. Дунёнинг энг кучли атлетлари “Хива устунларини ушлаб туриш”, 200 килограмм оғирликдаги “Мўйноқ лангари”ни маълум масофага судраб бориш, 400 килограмм оғирликдаги мосламани кўтариб юриш, 140-200 килограммлик Сангижуман тошларини маълум баландликка жойлаштириш, Амир Темур ва Жалолиддин Мангубердининг 15 кило 490 граммлик қиличларини вертикал ҳолатда ушлаб туриш, Автобусни ҳамда “Қўқон араваси” ни судраш каби шартларни бажарди.

Ҳар бир машқ баҳодирлардан мустаҳкам ирода ва катта жисмоний куч талаб этди. Уларнинг матонати хивалик аҳоли ва кўҳна шаҳарнинг меҳмонлари томонидан олқишлаб борилди. Турнир натижаларига кўра, Эронлик паҳлавон Резо Жейтаси ғолиб бўлди ва 5 минг АҚШ долларлик пул мукофотини қўлга киритди. Литвалик Дидзис Заринс иккинчи ўринни эгаллаб, 3 минг АҚШ доллари эгаси бўлди. Учинчи ўринга эса Украиналик Павло Наконечни эгаллади. Унга ўйин фондидан минг доллар миқдорида мукофот берилди.

Халқаро турнир якунига бағишланган тантанали тадбирда барча ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

Аҳмаджон ШОКИРОВ, 

Беҳзодбек Саидов (сурат),ЎзА