Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 11 июнь куни соат 05:30 атрофида Қорақалпоғистон Республикасидаги Қуйи Амударё давлат биосфера резервати инспекторлари томонидан Халқаро Қизил китоб ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Бухоро буғусини ноқонуний овлаган браконьер қўлга олинган.

Қуйи Амударё давлат биосфера резервати инспекторларига резерватнинг Жумуртов бўлими ўтиш зонаси фермер хўжалиги ҳудудида ўқ овози эшитилганлиги тўғрисида хабар келиб тушган. Инспекторлар воқеа жойига етиб борганида, Matiz автомашинаси чиқиб кетганлиги аниқланган. Машина изидан қувиб, Гурлан тумани “Деҳқонобод” МФЙ гача боришган. Ҳуқуқбузарнинг машинасида қоплар борлиги, уларга эса бир дона Бухоро буғусининг бўлакланган жасади солингани маълум бўлган. Натижада браконьер қўлга олинган.

Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси терговчиси томонидан процессуал тартибда икки дона ов милтиғи, бир дона Бухоро буғуси тана қисмлари расмийлаштириб олинган. Таъкидланишича, Бухоро буғусини ноқонуний овлаш орқали ҳуқуқбузар томонидан табиатга 99 миллион сўм зарар етказилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

 

Ш.Маматуропова, ЎзА