Бугунги кунда одамлар ишонувчанми ёки ўта соддами? Атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисалар, қолаверса, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали ҳар куни “алданиб қолманг”, «нотаниш кимсаларга ўзингиз ҳақингизда маълумот берманг” деб бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамасдан, аксарият кишилар фирибгарларнинг қурбонига айланмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди раиси Ш.Шамамбетов бошчилигида кўрилган навбатдаги жиноят иши айнан ўзгаларнинг ишончига кириб, уни алдаб, моддий бойлик тўплаш билан боғлиқ бўлди.
1969 йилда туғилган “М” исмли фуқаро Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиалида ҳамшира бўлиб ишлашига қарамасдан, “Н” нинг ишончига кириб поликлиникада юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали уни 10 миллион сўм эвазига Нукус шаҳридаги 6-сонли поликлиникага ҳамширалик ишига жойлаштиришни ваъда қилади. Ўз хизмат хонасида “Н” ни пора беришга қизиқтириб, 10 миллион сўм пулини олган вақтида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинди.
Шундай қилиб, “М” ўзининг юқоридаги ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25, 168-моддалари 1–қисми ва 28, 211-моддалари 1–қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилган.
Суд ҳукми билан унга тегишли жазо тайинланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА