Ўзбекистон ва Италия маданият, санъат соҳасида кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Икки мамлакатнинг ҳам тарихи бой, санъати ранг-баранг ва бебаҳо.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Италияга расмий ташрифи доирасида Рим шаҳрида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Италия Республикаси Маданият вазирлиги ўртасида “Маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми” кучга кирди.
Мазкур муҳим ҳужжатни имзолаш маросими доирасида жамғарма ижрочи директори Гаянэ Умерова ва Италия маданият вазири Женнаро Санжулиано ўртасида учрашув ҳам ўтказилди.
Меморандумга мувофиқ, томонлар маданий ва тарихий меросни тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликни кучайтиради. Хусусан, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маданий меросни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш, халқаро ва давлатлараро маданий алоқани кенгайтириш, хорижий сармоя ва грантларни жалб этиш, шунингдек, юртимизда саховатпеша ҳомийликни ривожлантириш ишларини янада фаоллаштиради.
– Бир неча йилдирки, жамғармамиз Италиянинг диққатга молик масканларида мамлакатимиз маданияти ва санъатини тарғиб қилиб келмоқда, – деди Г.Умерова. – Меморандум имзоланиши эса ўзаро муносабатни мустаҳкамлаш, иккала мамлакат маданий ва тарихий меросига оид билимларни тарғиб этишга хизмат қилади.
Маълум бўлишича, томонлар биргаликдаги саъй-ҳаракатни кучайтириш учун қуйидаги вазифаларни белгилаб олган:
– кўргазма дастурлари ва лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш, хусусан Уффици галереясида Ўзбекистон музей экспонатлари кўргазмасини ташкил этиш;
– маданий мерос соҳасида ҳамкорликдаги илмий-тадқиқот фаолиятини йўлга қўйиш;
– маданий меросни тиклаш ва сақлаш соҳасида илғор тажриба алмашиш;
– Италия томони кўмагида маданий мерос иншоотларини консервация ва реставрация қилиш бўйича илмий-тадқиқот лабораториясини яратиш;
– маданий меросни тадқиқ этиш ва асраб-авайлаш бўйича илмий маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва алмашиш, тарих, маданият ва музейлар юзасидан билим алмашиш, тарихий ва маданий меросни муҳофаза қилиш, умумий илмий тадқиқотлар олиб бориш;
– музейлар, реставрация ва консервация соҳасида ўқув кунлари, амалий машғулотлар, конференция, ўқув тадбирлари ва тақдимотлар ташкил этиш;
– томонларнинг ўқув, илмий, маданий-маърифий тадбирларини, мультимедиа лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
Йиғилишда 2024 йил Уффици галереяси (Флоренция) ва Ка Фоскари университети (Венеция)да Ўзбекистон музейлари сара тўпламларига мансуб экспонатлар кўргазмасини ўтказиш режалаштирилгани таъкидланди.
Б.Худойбердиев, ЎзА