Хабарингиз бор, Германия Федерал ҳукуматининг Кўчиб келганлар ва миллий озчилик масаласи бўйича вакили, Бундестаг депутати Натали Павлик бошчилигидаги делегация мамлакатимизда қатор тадбирларда иштирок этди.

Ташрифнинг асосий анжумани – Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Германия ҳукуматлараро комиссиясининг 13-мажлиси давомида “Wiedergeburt” Республика немис миллий маданий маркази раиси Елена Миронова ЎзА мухбирига марказ фаолияти ҳақида гапириб берди:

– Немислар Ўзбекистон ҳудудида қарийб икки юз йилдан буён истиқомат қилиб келади. 32 йилдан бери фаолият юритаётган марказимиз дўстлигимиз ривожи йўлида қатор муҳим ишларни амалга оширмоқда.

Масалан, марказ ҳузурида немис маданий театри фаолият олиб бораётгани яқин ҳамкорликнинг ёрқин намунаси. Бу ерда этно-маданий қадриятларни асраб келаёган ноёб анжомлар, тарихий ашёлар бисёр.

Турли тўгаракларда 8 ёшдан 83 ёшгача аъзолар бор. Миллатидан қатъи назар, ҳар ким келиб, машғулотда қатнашиши, фаолиятимиз билан танишиши мумкин. Йилига икки марта – Наврўз ҳамда Мустақиллик байрамида очиқ осмон остида саҳна кўринишлари уюштирамиз.

Маданий марказнинг асосий иш объекти – ўсмир-ёшлар. Тил ўрганиш масаласи бугунги кунда ўта долзарблиги ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудидаги маданият марказларида немис тили курслари йўлга қўйилган.

Азизбек Қўчқоров ёзиб олди.

ЎзА