Ўзбекистонда охирги олти йилда давлат ва жамият миқёсида иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий йўналишларда амалга оширилган ислоҳотлар кўлами миллий тарихимизда муқобили йўқ ҳодиса сифатида эътироф этилмоқда.
Тарихга муҳрланадиган буюк ўзгаришлар силсиласида давлат тузилмалари моҳияти ва мазмунининг тубдан трансформациялашуви эришилган энг муҳим ижтимоий ҳодиса бўлди. Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси 1-моддасида “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” деб Ўзбекистон давлатчилик шаклига ҳам аниқ ҳуқуқий таъриф берилди. Демак, Ўзбекистон демократик, ҳуқуқий ва дунёвий давлат бўлиш билан бирга ижтимоий давлатдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси “Бошқарув социологияси ва психологияси” кафедраси томонидан “Ижтимоий давлат шароитида жамиятни фаоллаштириш ва давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш имкониятлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Унда хорижий экспертлар ҳамда маҳаллий олимлар иштирок этди.
Сўзга чиққанлар ижтимоий давлат айнан халқ фаровонлиги учун хизмат қиладиган, инсон манфаатларини ҳар нарсадан устун қўядиган, қонун устуворлигини таъминлайдиган, эркинлик ва шахсий дахлсизликни таъминлайдиган, ижтимоий хизматлар таълим, соғлиқни сақлаш тизимни изчил ривожлантирадиган давлат эканлигини таъкидлашди.
“Социологик нуқтаи назардан қараганда бу тушунча чуқур маънога эга, – дейди социология фанлари доктори, профессор Тошпўлат Матибаев. – Яъни “ижтимоий” ибораси айнан инсонни олий қадрият сифатида қадрлаш, унинг эркин ва фаровон ҳаёти учун шарт-шароитларни яратишни ҳамда давлат ва фуқаро ўртасидаги халқчил алоқани ифодалайди. Ижтимоий давлат тамойили давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилди. Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида бу ғоя янада мустаҳкамланиб, ижтимоий давлатни барпо этишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари бу хусусда тўхталиб, “Биз Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни мақсад қиляпмиз. Буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз керак”, деб таъкидлади.
Ташкил этилган конференция ижтимоий давлат тамойили асосида барпо этилаётган янги Ўзбекистонда жамиятни фаоллаштириш ва давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш имкониятларини илмий тадқиқ ва таҳлил қилишда олимлар ва илмий тадқиқотчиларга қулай шароит юзага келтирганлиги билан аҳамиятли деб таъкидлаш мумкин.
Халқаро конференцияда тўртта йўналиш бўйича илмий масалалар муҳокама этилди.
Биринчи йўналиш Янги Ўзбекистонда ижтимоий давлатнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга оид бўлиб, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини давлат томонидан қонуний асосда кафолатлаш масалаларига бағишланди.
Иккинчи йўналиш ижтимоий давлатда давлат фуқаролик хизматини ривожлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланди.
Учинчи йўналиш. Ижтимоий давлатда жамиятни фаоллаштириш учун инклюзив мулоқот ва инклюзив фаолиятни йўлга қўйишнинг ижтимоий асосларига оид бўлиб, инклюзив жамиятнинг тамойилларини ўзида акс эттиради.
Тўртинчи йўналиш. Ижтимоий давлатда инсонга бўлган эътибор ва сифатли таълим мақсадларининг ечимларига қаратилган.
Эътиборли жиҳати, мазкур халқаро конференция доирасида илмий тўплам нашр этилди. Халқаро илмий-амалий конференция материаллари тўпламида янги Ўзбекистонда ижтимоий давлатнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш, ижтимоий давлатда давлат фуқаролик хизматини ривожлантиришнинг долзарб масалалари, шунингдек, ижтимоий давлатда жамиятни фаоллаштириш, инклюзив мулоқот ва инклюзив фаолиятни йўлга қўйишнинг ижтимоий асослари, инсон қадрига бўлган эътиборнинг аҳамияти борасида олиб борилаётган тадқиқотларга оид мақолалар ўрин олган.
ЎзА