Туркия Республикасида «Энг илғор мерган» мусобақаси ўтказилди. 13 давлатнинг 40 дан ортиқ жамоаси иштирокидаги беллашувда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги мерганлари ҳам муносиб қатнашди.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Туркиянинг Испарта шаҳридаги «Командо» тоғ ўқув машқлар марказида ўтказиган мусобақада Испания, Покистон, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари сингари ўндан ортиқ давлат вакиллари иштирок этди. Беллашувларда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг икки жамоаси мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди. Мусобақа иштирокчилари 5 та гуруҳга бўлиниб, бир-биридан мураккаб 14 та шарт бўйича баҳс олиб борди.

Хусусан, узоқ масофадан нишонларни излаб топиш ва яксон қилиш шартида мерганлар 2 минг метр масофада жойлашган шартли душман гуруҳи орасидан асосий нишонни аниқлаб топиши ва биринчи уринишда уни яксон этиши лозим бўлди. Вазифа – мураккаб. Ҳабийларимиз нишонни муддатидан олдин яксон этиб, нималарга қодир эканликларини амалда исботлади.

«Қайиқдан ва миноралардан ўқ отиб оролни ҳимоя қилиш», «Вертолёт ва ердан жанг олиб бориб, ярадорни эвакуация қилиш», «Ҳаракатланувчи нишонларни пистолетда яксон этиш», «Тунги вақтда магнит азимути бўйича ҳаракатланиш» каби қатор шартлар ҳам реал жанг вазиятига яқинлаштирилган ҳолда олиб борилди.

Айниқса, юртимиз вакиллари «Тоғ тепасидан қияликка қараб жанг олиб бориш», «Зарарланган ҳудудда газниқоб тақиб, нишонларни мўлжалга олиш» шартларида барча жамоаларни ортда қолдириб, рекорд натижаларни қайд этди.

Қарийиб 10 кун давом этган беллашувларда хорижий давлат армияларининг 42 та жамоаси ичида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Шоҳсупанинг биринчи ва учинчи ўринлари мезбон давлат вакилларига насиб этди.

Таъкидлаш керакки, бундай халқаро мусобақаларда иштирок этиш ҳарбийларимизнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, билим ва тажриба алмашишда муҳим ўрин тутади.

 

ЎзА