Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Италия жуда кўп йўналишларда ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва Италия Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат мустақиллиги вазирликлари биргаликда ўсимликлар ва чорвачилик генетикаси, маҳсулдор навлар жорий этиш, соҳани ривожлантиришнинг илмий асосини яратиш борасида тажриба алмашиш каби қатор лойиҳаларни амалиётга муваффақиятли татбиқ этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Италия Республикасига расмий ташрифи доирасида барча йўналишлар қатори қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқалар янада мустаҳкамланмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотга кўра, 400 миллион евро миқдоридаги илк келишув йирик инвестиция мажмуаси, илмий-тадқиқот олиб бориш, қуруқ мева ҳамда заъфарон етиштириш каби ўнлаб йўналишларни қамраб олган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Жоржия Мелони ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва Италия Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат мустақиллиги вазири Франческо Лоллобрижида ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида расмий меморандум алмашинуви бўлиб ўтди.
Ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Италия ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда мева ва сабзавотни қайта ишлашга инновацион технологияни жорий қилиш, интенсив боғлар барпо қилиш ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Жумладан, йирик итальян компаниялари, банклари, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ва Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди кўмагида юртимизда 16 та лойиҳа амалга ошириш бўйича умумий қиймати 357 миллион еврога тенг келишув жамланмаси имзоланди.
Италия Чорвадорлар уюшмаси президенти Р.Ночентини ва Қуёнчилар уюшмаси президенти С.Помпа билан ҳам учрашув ўтказилди. Сирдарё вилоятида итальян зотли йирик ва майда шохли қорамол кўпайтириш бўйича 56 миллион евролик лойиҳа бўйича келишувга эришилди. Ушбу жараён йирик ва майда шохли қорамолнинг маҳаллий шароитга мослаштирилган ўзбек зотларини яратиш бўйича генетик лаборатория ташкил этишни ҳам ўз ичига олади.
Шунингдек, яқин келажакда Уюшма тажрибасини Тошкент вилоятида 32,7 миллион еврога тенг қуён кўпайтиришни жорий қилиш, камбағалликни қисқартириш учун оилавий фермаларга қуёнларни беғараз асосда тақдим этиш орқали татбиқ этишга келишилди.
Ўзбекистоннинг бир неча ҳудудида ер деградациясини қисқартириш ва саҳро ҳудудини ўзлаштириш тажрибаси ҳам амалга оширилади. Бу саҳролашувга қарши курашиш учун қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи дунёда ягона “Nardi Group” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Шу билан бирга БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди билан ҳамкорлик доирасида деҳқончиликда инновацион ёндашувни жорий этиш, чорвачиликда қўшимча қиймат занжирини ривожлантиришга қаратилган 75 миллион еврога тенг лойиҳалар пакети ҳаётга татбиқ этилади.
Бундан ташқари технологик ҳамкорликни ривожлантириш борасида Италиянинг “Feder Unacoma”, “Cermac”, “Irritec”, “Rota Guido”, “Sint Tecnologie” каби етакчи ишлаб чиқарувчилар ва консорциумлар технологиясини етказиб беришни “SACE”, “Exetra” кредит агентликлари ва “Unicredit” банки кредити асосида узоқ муддатли молиялаш тўғрисида келишиб олинди.
“Irritec” – қишлоқ хўжалиги учун сувни тежаш технологияси ишлаб чиқарувчи компания билан Ўзбекистонда боғдорчилик учун сувни тежаш технологиясини жорий этиш бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширилади.
Бир сўз билан айтганда, тарихий ташриф доирасида биргина қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган келишув ва ҳамкорлик меморандумлари соҳа
ривожида, икки мамлакат ҳамкорлигини янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
М.Комилова, ЎзА