Кеча Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Абай вилоятида ҳалок бўлган ўрмон хўжалиги ходимлари оила аъзолари билан учрашди.

Фавқулодда ҳолат ижро органлари жиноий эътиборсизлиги оқибатида содир бўлганини таъкидлаган мамлакат етакчиси барча айбдорлар жазоланишига ваъда берди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, мутасадди идоралар офат кўлами бўйича нотўғри тахмин чиқаргани эътиборсизликдир.

Тоқаев жабрланган оилаларга доимий нафақа белгиланиши, бунинг учун шахсан ўзи назорат қиладиган ёрдам жамғармаси ташкил этилишини билдирди.

– Давлат раҳбари сифатида содир бўлган воқеа учун узр сўрайман, – деган Тоқаев. – Ҳодисани ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Такрор айтаман, жабрланганларга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилади.

Қозоғистон шарқидаги Абай вилоятида табиий ёнғин 8 июнь куни бошланган. Офат ҳудуди 60 минг гектарни ташкил қилади. Ёнғинни ўчиришга мингдан ортиқ киши, 252 техника воситаси жалб қилинган.

Президент мазкур воқеа туфайли Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарларини алмаштирган.

Ёнғин оқибатида 14 киши ҳалок бўлган.

Бугун – 12 июнь Қозоғистонда мотам куни, деб эълон қилинган.

ЎзА