Бугун, 11 июнь куни пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадионида “CAFA Nations Cup 2023” мусобақаси доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Ўмон терма жамоасига қарши майдонга тушади.
Кеча мазкур мусобақада иштирок этаётган Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Ўмон жамоалари бош мураббийлари иштирокида ўтган матбуот анжуманларида жамоаларнинг имкониятлари, рақибларнинг ҳолати, турнирнинг аҳамияти хусусида сўз юритилди.
–Жамоамиз ушбу турнирга тайёр. Бир нечта йиғинлар орқали кўплаб футболчиларни синовдан ўтказдик. Маълум бир сабабларга кўра, асосий таркибдаги футболчилар бу гал майдонда тушмайди. Уларнинг ўрнида янги ва ёш футболчилар ҳаракатланади. Ушбу мусобақа Осиё кубогига муҳим тайёргарлик босқичи бўлади, – деди журналистлар билан мулоқотда Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец.
Ўзбекистон – Ўмон учрашувида терма жамоамиз ўйинчилари оқ, дарвозабон қора либосда майдонга тушади.
Шу ўринда бир гап. Футбол ўйинларининг савияси қай даражада бўлиши ҳакамларнинг билим даражаси, профессионал фаоллиги билан белгиланади. “CAFA Nations Cup 2023” турнири олдидан ҳакамлар учун ташкил этилган семинарда ЎФА биринчи вице-президенти, CAFA ҳакамлар қўмитаси раиси Равшан Эрматов ҳамда CAFA бош котиби Улуғбек Каримов шу ҳақда сўз юритишди. Илк бор ўтказилаётган ушбу турнирнинг минтақамиз футболи учун аҳамияти юқорилиги, ўйинлар кўплаб мамлакатларга трансляция қилиниши қайд этилди. Шу боис мусобақаларни бошқариб борадиган ҳакамлар ўз фаолиятига жиддий эътибор қаратиши лозимлиги таъкидланди.
Бевосита Ўзбекистон – Ўмон учрашуви, жамоаларнинг бугунгача ўтказган ўзаро ўйинлари хусусида сўз юритадиган бўлсак, улар олти марта куч синашишган. Тўртта ғалаба ўмонликларга, иккитаси ўзбекистонликларга тегишли. Тўплар нисбати 9-9.
Терма жамоамиз 2001 ва 2019 йилги учрашувларда 5:0, 2:1 ҳисобларида муваффақият қозонган. 2001 йил 4:2, 2008 йил 2:0, 2014 йил 0:1, 0:1 ҳисобларида ўмонликларнинг қўли баланд келган.
Юқоридаги кўрсаткичлардан келиб чиқиб фикр юритадиган бўлсак, ҳамюртларимиз Ўмон жамоасига қарши жиддий ўйин ўтказиши тайин. Лекин ўтган даврдаги ўзгаришлар натижасида жамоалардаги ўйинчилар ва мураббийлар бошқа-бошқа эканлигини инобатга олсак, бу сафар Янги Ўзбекистон ва Янги Ўмон қарама-қаршилигига гувоҳ бўлишимиз шубҳасиз.
Т.РЎЗИЕВ, ЎзА