Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрида МДҲ давлатлари божхона хизмати кинологлари ўртасида ўтказилган ХI кўпкураш мусобақаларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган кинологларимиз ўзларининг хизмат итлари билан 3 та номинация бўйича фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.
Ўзбекистон Республикаси давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов мазкур мусобақалар божхона хизматлари кинологлари ўртасида дўстона алоқаларни кучайтириш, амалий билим кўникмаларини оширишда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, иштирокчиларни қизғин қутлади.
Россия Федерацияси, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон Республикалари божхона хизматлари кинология соҳаси раҳбарлари, мутахассислари иштирок этган мусобақалар қизиқарли жараёнларга бой тарзда ўтди. Бундан ташқари, МДҲга аъзо давлатлар Божхона хизматлари раҳбарларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари раҳбарлари қўмитаси кинология масалалари бўйича ишчи гуруҳининг 27-йиғилиши ва “Аэропорт назорати пунктларида хизмат итларидан фойдаланиш хусусиятлари” мавзусида семинар ҳам бўлиб ўтди.
Якуний натижаларга кўра, “Автотранспортда гиёҳванд моддаларини қидириш”, “Багаж ва қўл юкида гиёҳванд моддаларни қидириш” номинацияларида Миллий кинология маркази ходими О. Бердиқулов ўзига бириктирилган “Вега” лақабли хизмат ити билан фахрли биринчи ўринни эгаллади.
“Хонада гиёҳванд моддаларни қидириш” номинацияси бўйича эса С. Соибжонов ўзига бириктирилган “Симба” лақабли хизмат ити билан фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.
Ш. Маматуропова, ЎзА