Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифини тасдиқлаш, айрим сайлов участкаларида сайлов жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш, сайловчиларни биометрик идентификация қилиш тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчилар ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларини аккредитация қилиш ва бошқа бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Мажлисни МСК раиси З.Низомхўжаев кириш сўзи билан очиб, юртимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараёнга барча талабларга мувофиқ тарзда ҳозирлик кўрилаётганини қайд этди.

Шундан сўнг МСК котибияти мудири Худоёр Тешаев кун тартибидаги биринчи масала юзасидан маъруза қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифи билан таништирди. Таъкидланганидек, сайлов бюллетени сайловчининг овозини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми сайлов бюллетенига, сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш натижалари ҳамда сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомаларга лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси тартибида киритилади.

Мажлисда Президент сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифи тасдиқланди.

Шунингдек, мажлисда айрим сайлов участкаларида сайлов жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича МСК аъзоси Алишер Исоқбоев маъруза қилди.

Таъкидланганидек, бугун рақамли технологиялар ривожланиб бораётган бир пайтда сайлов жараёнларида ҳам уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим. Бу борада Рақамли технологиялар ва Ички ишлар вазирликлари мутахассислари билан биргаликда таклифлар ишлаб чиқилди. Сайлов куни овоз бериш жараёнини реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилиш мақсадида республиканинг барча туман ва шаҳарлари ҳудудида жойлашган иккитагача сайлов участкаларида видеокамера ва бошқа зарур қурилмалар ўрнатиш юзасидан аниқ чоралар белгилаб берилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз бериш жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш мақсадида сайловни ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссиясининг тавсиясига асосан Тошкент шаҳрининг туманлари ҳудудида жойлашган айрим сайлов участкаларида сайлов куни сайловчиларни биометрик идентификация қилиш тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилмоқда. Мажлисда тажриба-синов тариқасида айрим сайлов участкаларида сайловчиларни биометрик идентификация қилиш тартиби тасдиқланди ва қарор қабул қилинди.

Мажлисда МСК аъзоси С.Қурбонқуловнинг Президент сайловига тайёргарлик кўриш даврида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги ахбороти тингланди. Қайд этилганидек, жорий йил 10 майдан 5 июнга қадар Марказий сайлов комиссиясига жисмоний ва юридик шахслардан жами 63 та мурожаат келиб тушган. Энг кўп мурожаатлар Қашқадарё вилояти ҳамда Тошкент шаҳридан келган. Мурожаатларнинг 32 тасига тегишли тушунтиришлар берилган бўлса, 23 таси МСК ваколатига оид бўлмагани боис, тегишли ташкилотларга юборилган.

Бундан ташқари, йиғилишда муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотдан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. МСКнинг қарори билан ЕХҲТ ДИИҲБ, МДҲ каби кузатувчи миссияларнинг 43 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Эндиликда жами аккредитациядан ўтказилган халқаро кузатувчилар сони 55 нафарга етди.

Шунингдек, маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар асосида 25 та оммавий ахборот воситасининг 124 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Ҳозирги кунга қадар аккредитациядан ўтган ОАВ вакилларининг сони 353 нафарни ташкил этмоқда.

Мажлис давомида Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан 2-Андижон, 3-Бухоро ҳамда 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси раисларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юқори ташкилий даражада ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлари хусусида ахборотлари тингланди. Мажлисда кўриб чиқилган масалалар муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова, 

Носиржон Ҳайдаров(сурат), ЎзА