Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйида “Эллик биринчи қалъа” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирга ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, китобхонлар жам бўлди. Мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш, яхши китоблар нашри ва тарғиботини кучайтириш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

“Эллик биринчи қалъа” номли мазкур китоб мустақиллик йилларида турли идора ва ташкилотларда самарали фаолият олиб борган, Элликқалъа тумани ривожи ва равнақи йўлида узоқ йиллар масъул вазифаларда хизмат қилган маърифатпарвар инсон, олим, Тошкент давлат аграр университети доценти Неъматулла Худойбергеновнинг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳақида бадиий-ҳужжатли мақолалар, лавҳалар, шеърлардан таркиб топган.

Унда замон билан ҳамнафас, ҳамқадам, янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари элимизга танилган шахслар томонидан самимий талқин этилганки, улар китобхонни бефарқ қолдирмаслиги аниқ.

Маълумки, Элликқалъа тумани Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодий таянч нуқталаридан саналади. Айни пайтда мазкур туманда ўтган йиллар мобайнида кўплаб адабий анжуманлар, танловлар, ёшлар форумлари, маърифий лойиҳалар, китобхонлик фестиваллари бўлиб ўтмоқда. Бундай адабий-маърифий тадбирларни юқори савияда, баланд руҳда ўтказишда ижодкор зиёлиларнинг пешқадам вакили Неъматулла Худойбергенов каби заҳматкаш ҳамюртларимизнинг ҳиссаси бор, албатта.

Китоб “Samo Nashr” нашриётида чоп этилган бўлиб, тузувчи ва нашрга тайёрловчи – Рўзимбой Ҳасан. Масъул муҳаррир – Сирожиддин Рауф.

 

Н.Усмонова,

ЎзА мухбири