Ўзбекистон ва Малайзия энди жиноят ишлари бўйича бир бирига ҳуқуқий ёрдам кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Малайзия Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Аҳмад Террирудин бин Моҳд Саллеҳ билан учрашди.
Учрашувнинг муҳим воқеаси – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Малайзия Ҳукумати ўртасида жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги давлатлараро шартнома имзоланиши бўлди. Томонлар мазкур ҳужжат икки томонлама идоралараро ҳамкорликка туртки бўлишига ишонч билдирди.
Малайзия Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Аҳмад Террирудин бин Моҳд Саллеҳ бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига ҳам ташриф буюрди. Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров меҳмонларни мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар билан таништирди. Бу жараёнда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда профессионал судьялар корпусини шакллантириш устувор вазифага айланганини қайд этди.
Делегация аъзолари Ўзбекистонда судлар фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолаш электрон дастури билан танишиб, профессионал судьялар корпусини шакллантиришда мазкур электрон дастурни муҳим омил сифатида эътироф этди.
Н. Абдураимова, ЎзА