9 июнь куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов юртимизга ташриф буюрган Қатар бош вазири ўринбосари – мудофаа ишлари бўйича давлат вазири Холид бин Муҳаммад ал-Атия раҳбарлигидаги делегацияни қабул қилди.

Дастлаб меҳмонларни фахрий қоровул иштирокида расмий кутиб олиш тадбири бўлиб ўтди. Ҳарбий оркестр томонидан икки давлат мадҳияси ижро этилди.

Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида ўтказилган икки томонлама ҳамкорлик учрашувида генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов қатарлик ҳамкасбини Ўзбекистонга уюштирган ташрифи билан қутлаб, сўнгги йилларда икки давлат ўртасида ўрнатилган дўстона муносабатлар жадал ривожланиб, янги тарихий босқичга кўтарилганини таъкидлаб ўтди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментидан маълум қилинишича, учрашув давомида вазирлар халқаро сиёсат ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари, хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, унинг ривожланиш истиқболларини муҳокама қилишди.

Шунингдек, икки давлат мудофаа вазирлари ҳарбий соҳада келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган масалалар борасида ҳам фикр алмашишди.

 

ЎзА