Ўзбекистон Республикаси Президенти “Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистонда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ташкил этилади. Университет давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ва унинг фаолияти «Hub and Spoke» тамойили асосида ташкил этилади. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Университетнинг таъсисчиси ҳисобланади.
Университетда ўқув жараёни нуфузли хорижий олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Университетни тамомлаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Миллий кадрлар захирасига, беш йиллик иш стажига эга бўлгандан кейин мутахассислиги бўйича раҳбар лавозимларга тайинланадиган истиқболли номзодлар рўйхатига киритилади.
Университетнинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:
Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг муҳим экологик, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий муаммоларини ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали мутахассислар, олимлар, тадқиқотчилар, раҳбарлар ва тадбиркорларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни бошқариш ва барқарор ривожланиш соҳасида миллий, минтававий ва халқаро инновацион тизимларни қўллаб-қувватлаш учун янги билимларни татбиқ этиш ва фанлараро тадқиқотларни амалга ошириш;
жаҳоннинг етакчи «яшил» университетлари томонидан қўлланиладиган илғор таълим дастурлари, инновацион педагогик услуб ва технологияларни ишлаб чиқиш, мослаштириш ва жорий этиш;
илмий-тадқиқот ва амалий билимларни интеграция қилиш, кластер асосида фаолиятни йўлга қўйиш, академик ва касбий тажриба алмашиш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини жорий қилиш;
хорижий, давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари, шунингдек, Ўзбекистон, минтақа ва жаҳон илмий марказларини бирлаштиришда бўғин бўлиб хизмат қиладиган самарали платформа яратиш;
илмий ва таълим жараёнларини бошқаришнинг энг самарали тизимини яратиш, хорижий илмий экспертларни жалб этиш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва халқаро рейтингларда етакчи ўринларни эгаллаган жаҳоннинг «яшил» университетлари билан стратегик ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;
Университетнинг халқаро таълим майдонида тан олинишига эришиш, нуфузли олий таълим муассасалари рейтингларида муносиб ўрин эгаллаш; экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўрмон хўжалиги ва гидрометеорология соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш учун узлуксиз таълим тизимини, шунингдек, бошқарув ходимлари учун махсус таълим дастурларини яратиш;
Университет таркибига кирувчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг моддий-техника базаси ҳамда илмий кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат.
Ўқиш ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.Бакалавриатда Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда инглиз тили ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий тилларидан бирида ўргатилади.
Таълим давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Ўқув жараёни «фан – таълим – ишлаб чиқариш интеграцияси» тамойили бўйича ташкил этилиб, биринчи курсдан бошлаб талабаларга ишлаб чиқариш ва илмий марказларда, магистрантларга эса «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали ўқишни етакчи хорижий олий таълим ташкилотларида давом эттириш ва нуфузли хорижий компанияларда малака амалиётини ўташ имконияти берилади.
Талабаларни қабул қилиш параметрлари вазирлик билан келишилган ҳолда Университет томонидан белгиланади.
Етакчи, эътироф этилган халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва бошқалар) сертификатларига эга бўлган абитуриентлар тегишли фанлардан белгиланган тартибда энг юқори балл олади ва келгусида улар ушбу фанлардан имтиҳон топширишдан озод қилинади.
Ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартиб ва шартларга асосан Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун бакалавр таълим йўналиши бўйича камида 25 та ҳамда магистратура ва докторантура (PhD) мутахассисликлари бўйича камида 20 та грант ўринлари ажратилади.
2023 йил 1 сентябрдан бошлаб олий таълим муассасаларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўрмончилик, «яшил» иқтисодиёт ва гидрометеорология ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларидаги энг иқтидорли талабалари учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири стипендияси таъсис этилади.
ЎзА