“Ўзархив” агентлигида 9 июнь – Халқаро архивлар куни муносабати билан айни мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази кўмагида бу йил илк бор ташкил қилинган онлайн форматдаги ушбу тадбирда Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ҳамда Ўзбекистон архив органлари раҳбарлари иштирок этди.
Халқаро архивлар куни Халқаро Архивлар Кенгаши томонидан 2007 йилда Квебекдаги (Канада) Бош ассамблеясида тасдиқланган.
Мазкур сананинг танланиши ҳам бежиз эмас, зеро, 1948 йилда айнан шу санада ЮНЕСКО қарори билан ва унинг ҳомийлигида Халқаро Архивлар Кенгаши ташкил топган. Халқаро архивлар кунининг илк бора нишонланиши 2008 йилда Халқаро Архивлар Кенгаши ташкил топганининг 60 йиллигини кенг нишонлаш доирасида бўлиб ўтган. Бугунги кунга келиб Халқаро Архивлар Кенгашида 199 та давлатдан 1900 га яқин аъзолар мавжуд. Кенгашнинг асосий вазифаси дунё архив меросини сақлаш, муҳофаза қилиш ва кенгайтириш ҳамда халқларнинг ўз тарихини ўрганиш ва билишга оид бўлган ҳуқуқларини амалга оширишда ёрдам беришдан иборат. “Ўзархив” агентлиги 2009 йилдан Халқаро Архивлар Кенгашининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.
Тадбирда давлат архив идоралари раҳбарлари архив иши соҳасидаги ютуқлар, муаммолар ва ечимларига доир қизиқарли маълумотларни тақдим этди. Шунингдек, ШҲТ давлатлари билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, архив идоралари ўртасида дўстона ҳамкорликни кучайтириш, делегацияларнинг ўзаро ташрифларини уюштириш юзасидан таклифлар берилди. Ҳамкорлик давомида фестиваллар, архив ҳужжатлари кўргазмаларини ташкил этиш, қўшма нашрлар, каталоглар тайёрлаш масалалари муҳокама этилди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА