Кеча ўтказилган Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ижроия кенгаши йиғилишида Халқаро бокс ассоциацияси (IBA)нинг тан олинишини бекор қилиш масаласи илгари сурилди.

Уюшмани олимпия оиласида қолдириш ёки таркибдан чиқариш масаласи бўйича якуний қарор жорий йил 22 июнь куни ташкил этиладиган навбатдан ташқари сессияда қабул қилинади.

Йиғилишда ассоциациянинг жорий ҳолати тўғрисидаги ҳисобот муҳокама қилинган ҳамда белгиланган шартлар бажарилмагани сабабли IBA тан олинишини тўхтатиб туриш таклифи билдирилган.

Бунга жавобан IBA мутасаддилари ХОҚ Ижроия кенгаши тавсияси “ҳақиқатдан йироқ ва ўта сиёсий” экани, “ислоҳотлар, халқаро миқёсда тан олинган яхши бошқарув стандарти бўйича алоҳида ютуқларга эришилган вазият ҳақиқатини акс эттирмаслиги”ни таъкидлаган.

Бокснинг Олимпия ўйинларидаги ўрни, Халқаро бокс ассоциациясининг Халқаро олимпия қўмитаси аъзолиги теграсида “совуқ шамол эсаётган” бир пайтда яқинда IBA таркибидан чиққан бир гуруҳ ташаббускорлар томонидан ташкил этилган “World Boxing” ташкилоти Халқаро олимпия қўмитасидаги IBA ўрнини эгаллаш учун иш бошлади.

Бу борада дастлабки фикрлар ҳам билдирилди. Жумладан, “World Boxing” вакиллари мурожаатида Олимпия дастурида бокснинг ўрнини сақлаб қоладиган йўлни ишлаб чиқиш учун ХОҚ ва бошқа барча манфаатдор томонлар билан ҳамкорликка тайёрлик тасдиқланган. Воқеалар ривожини вақт кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари қитъа боксчилари учун “Париж-2024” йўлланмаларини тақдим этади.

Т. Рўзиев,

ЎзА