Ер майдонлари умуммиллий бойлик бўлиб, уларни тасарруф этиш қонунга мувофиқ амалга оширилади. Айниқса, умум манфаатларга хизмат қилувчи суғориладиган ва захирадаги ер майдонларини ўзбошимчалик билан сотиш қатъиян тақиқланади. Бундай ерлар фақат қонун доирасида аукцион орқали сотилиши мумкин.

Бироқ ўзбошимчалик билан ер сотмоқчи бўлаётган ва жазога тортилаётган шахслар учраб турибди.

Муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган А.Е. фуқаро М.А.нинг ишончига кириб, захирадаги 17,8 сотих ер майдонини гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб олиб бериш эвазига 57 миллион сўм олган.

Шу вақтда у Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нукус шаҳар бўлими томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далил билан  ушланди.

Фуқаро А.Т. Музработ туманидаги мелиорация бўлимига қарашли 0,20 гектар ер майдонини фуқаро А.Э.га фирибгарлик йўли билан балиқчилик кўли ташкил қилиш учун 5 минг АҚШ долларига сотган вақтда Департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланди.

Бундан олдинроқ Кўкдала ва Янгийўл туманларида ер майдонларини фирибгарлик йўли билан сотмоқчи бўлган шахслар ушланган.

Фуқаро Н.Э. фуқаро Н.Ш.нинг ишончига кириб, унга Кўкдала туманидаги «С.Н.» фермер хўжалигига қарашли 10 гектар ер майдонини гўёки туман ҳокимлиги ва кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб олиб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари олган вақтда Департаментнинг Қамаши тумани бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Янгийўл тумани бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро Х.М. “Кескин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 40 сотих захирадаги ер майдонини фуқаро Р.А.га фирибгарлик йўли билан 36 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 10 минг АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Департамент матбуот хизматидан маълум қилишларича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

Н.Абдураимова, ЎзА