Хабар берганимиздек, дзюдо бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган нуфузли халқаро турнирда иштирок этди.

2006-2008 йилларда таваллуд топган дзюдочилар иштирокидаги анъанавий турнир сўнгида Тоҳир Файзиев бош мураббийлигидаги ўсмирлар терма жамоаси аъзолари 3 та олтин, 3 та кумуш, 5 та бронза медалини қўлга киритди.

Айтиш лозим, мазкур халқаро турнирда ўз вазнларида ғолиблик учун кураш олиб борган 20 нафар спортчимизнинг 11 нафари совринли ўринлардан жой олди.

Шиддатли беллашувлар якунида терма жамоамиз аъзоларидан Сарвиноз Абдусаматова, Лазиза Ҳайдарова, Ойбек Ражабов олтин, Арапбой Даурбаев, Ҳасанбой Элмуротов, Азамат Облакулов кумуш, Умида Қўлдошева, Азиза Давронова, Моҳинур Аллаберганова, Иноят Телманов, Ҳакимжон Маҳкамов бронза медалларига эга чиқди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА