Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг мамлакатимизга амалга оширган давлат ташрифи доирасида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қатар Давлати Ҳукумати ўртасида ҳуқуқий соҳада ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Битим” имзоланди.
Битимни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Қатар Давлати Адлия вазирлиги ўртасида 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Ҳамкорлик дастурида икки давлат вазирликларининг асосий вазифаларидан келиб чиқиб, тегишли соҳаларда ҳамкорликни жадаллаштириш, уларни амалий ва натижадор тадбирлар билан бойитиш назарда тутилган.
Дастур доирасида икки давлатда адлия тизими самарадорлиги учун жорий қилинаётган инновацион ёндашувлар, норма ижодкорлиги, тажриба алмашиш бўйича ўқув дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, юридик хизмат кўрсатиш, юридик кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ҳамда адлия тизимини рақамлаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, тажриба алмашиш мақсадида ҳамкорликда тадбирлар, хусусан, конференциялар, семинарлар, тренинглар ташкил этиш ва ўтказиш, бир-бирларининг халқаро тадбирларида иштирок этиш ҳамда қўшма тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш назарда тутилган.
Ушбу Ҳамкорлик дастурининг имзоланиши кўп қиррали Ўзбекистон-Қатар муносабатларининг адлия ва ҳуқуқ соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА