Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов Германия Федерал ҳукуматининг Кўчиб келганлар ва миллий озчилик масаласи бўйича вакили, Бундестаг депутати Натали Павлик бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Тадбирда давлатларимиз ва халқларимиз кўп қиррали дўстлик, ҳамкорлик жараёнида янада яқинланишиб, ўзаро муносабат чуқурлашиб бораётгани таъкидланди. Жорий йил май ойида давлатимиз раҳбарининг Германияга ташрифи доирасида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновация соҳаларига оид имзоланган ҳукуматлараро ҳамда идоралараро ҳужжатлар асосида мавжуд алоқа янада кенгайиши қайд этилди.
Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда немис компаниялари самарали фаолият юритаётгани, Гёте институти ва бошқа марказлар ишлаётгани, немис тили ва маданиятига эътибор кучайиб бораётгани ҳақида сўз юритилди.
Пойтахт ҳокимлиги маданият, таълим, саноат, бизнес, туризм каби турли соҳа ва йўналишлардаги ҳамкорликни қўллаб қувватлаш йўлида биргаликда ишлашга тайёрлигини билдирди. Германиядаги экологик тоза транспорт ҳаракати тизимини юртимизда жорий қилиш, дуал таълим услубига алоҳида эътибор қаратилиб, айни йўналишда кенг кўламли ишлар режалаштирилгани айтиб ўтилди.
Натали Павлик Ўзбекистонга сафари таассуротга бой ўтаётганини урғуларкан, Тошкент архитектураси, халқимизга хос меҳмондўстлик каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб, ўзи илм-фан вакили бўлгани боис, шу йўналишдаги алоқаларни янада ривожлантириш бўйича бирга ишлашга тайёрлигини маълум қилди.
Делегация раҳбари мамлакатимизда немис тили ва маданиятига бўлган юксак эътибор намунаси сифатида Тошкентда “Немис уйи” очиш таклифини билдирди.
Б.Худойбердиев, ЎзА