Юртимизда фаолият юритган италиялик тадбиркор билан суҳбат
Ўзбекистон ва Италия. Сўнгги йилларда бу икки давлат ўртасидаги сиёсий ва парламентлараро мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлик, технологик ва саноат тараққиёти йўналиши учун масъул вазирлик, идоралар тажриба алмашинуви сезиларли даражада жадаллашди.
Мамлакатларимизнинг БМТ, ЕИ, ЕХҲТ ва бошқа нуфузли тузилмалар доирасидаги ёндашувлари бир-бирига яқин. Ижтимоий-иқтисодий, маданий ва бошқа гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ривожи ҳам бевосита халқларимиз манфаатига хизмат қилмоқда.
Кейинги йилларда Италиянинг Марказий Осиёга қизиқиши ортиб бораётгани ҳам ҳақиқат. Бинобарин, ушбу давлат Ўзбекистоннинг Европадаги энг муҳим, вақт синовидан ўтган ишончли ҳамкорларидан бири.
Изчил ўзаро мулоқотнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелланинг таклифига биноан, 7-9 июнь кунлари ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Шу муносабат билан ЎзА мухбири Италиянинг “Атлас саноат транспорти” компанияси таъсисчиси Алессандро Томада билан суҳбатлашиб, унинг иқтисодий ҳамкорликка оид жорий ҳолат, мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти хусусидаги фикрларини ёзиб олди:
– Ўзбекистон – иқтисодий имкониятлари чексиз, жадал ривожланаётган, минтақадаги барча давлатлар билан стратегик шериклик сиёсатини фаол қўллаётган давлат. Мен бу ўлка билан тадбиркорлик фаолияти орқали боғланганман, нефть, газ ва энергетика соҳаларида ишлаб чиқариш билан шуғулланаман.
Фойдали қазилмаларга бой Ўзбекистон жуда тез суръатда ривожланмоқда. Юртни янада тараққий эттириш учун эса, фикримча, мана шу захирадан унумли фойдаланиш зарур, деб ўйлайман. Диёрингизда истиқомат қилиб, шунга амин бўлдим-ки, бисёр иқтисодий бойликни адолатли тақсимлаш учун ҳукумат етарли даражада жиддий, халқ манфаати нуқтаи назаридан келиб чиқиб иш олиб боряпти. Амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, хотин-қизларга берилаётган имконият, ёшларни қўллаб-қувватлаш стратегияси ва хорижлик сармоядорлар учун қулай тадбиркорлик муҳити яратиш истаги – кучли сиёсий ирода маҳсули.
Очиғи, Ўзбекистон ҳали ривожланган мамлакатлардан кўп нарса ўрганиши лозим. Дунё бўйлаб кечаётган сиёсий воқеликлар, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлардан мамлакатнинг ёрқин келажагини таъминлаш йўлида хулоса чиқариш муҳим. Ўзбекистоннинг келажаги буюк! Бу гапни ишонч билан айтаман, чунки уч йилга яқин муддатда давлат халқ учун нималарга қодирлигига шахсан гувоҳ бўлдим.
Республикадаги нефтни қайта ишлаш заводлари фаолияти билан яқиндан танишганман. Умуман, кончилик ва энергетика соҳалари жадал ривожланиши яқин келажакда мамлакат салоҳиятини тўлароқ очиб бериши эҳтимоли юқори. Ўзбекистон нафақат энергия ресурсларига бой, балки инсон ресурслари, яъни билимли, салоҳиятли, куч-қувватга тўла ёшлари билан ҳам жаҳоннинг етакчи давлатлари қаторида тилга олинмоқда.
Табиийки, ер остидаги энергия манбаларига талаб кун сайин ошмоқда. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари аҳолиси энергия етишмовчилиги билан юзлашаётган мураккаб бир шароитда табиий ресурсларга нисбатан оқилона муносабат халқнинг фаровон келажагини таъминлайдиган асосий омиллардан бирига айланиши муқаррар. Бу борада Ўзбекистоннинг имконияти кенг.
Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги фаол муносабатлар бугунги кунда иқтисодиёт, сиёсат, маданият йўналишларидаги қатор умумий лойиҳаларда яққол намоён бўлмоқда. Биргина мисол: Италия ишлаб чиқараётган нефть, газ ва тоғ-кон лойиҳалари учун мўлжалланган ускуналар Ўзбекистонда ушбу соҳаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Италиянинг бетакрор маданияти жаҳонда тан олинган. Шу маънода Ўзбекистон билан маданий соҳалар – кино, мусиқа ва тетар, архитектура ва бошқа кўплаб йўналишларда мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилган. Албатта, Ўзбекистоннинг урф-одати, анъаналари, маданияти ва санъатини Италия халқига танитиш бўйича ҳам салмоқли ишлар қилиняпти. Зеро, санъат иноснларни бирлаштиради, дея бежиз айтилмаган.
Қолаверса, биз Янги Ўзбекистонни Учинчи Ренессанс даврига қадам ташлаётган юрт сифатида ҳам яхши биламиз.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Италияга ташрифи тарихий воқеликка айланиши шубҳасиз. Италия, барча Европа мамлакатлари каби, дунёнинг тузилиши ҳақида қадим нуқтаи назарга эга, бу борада Ўзбекистон ҳам муносиб йўлига эга. Демак, шарқ ва ғарбга хос икки йўналиш Ўзбекистон ва Италия халқлари дўстлиги тимсолида қайта жонланишига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Албатта, икки томонлама мулоқот керак. Ўзаро муносабат биринчи навбатда иқтисодий ҳамкорлик, яъни ишлаб чиқариш, бизнес алоқалари ўрнатишдан иборат бўлиши лозим. Шу билан бирга маданий-гуманитар, таълим йўналишларидаги алмашинув ҳам томонлар учун бирдек фойдали.
Беҳруз Худойбердиев, Нишонбой Абдувоитов (тасвир), ЎзА