Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Италия давлатига расмий ташрифи арафасида буюк итальян шоири, итальян адабий тилининг асосчиларидан бири, файласуф Франческо Петрарканинг “Қўшиқлар китоби” деб номланган тўплами нашр этилди.

Петрарка – нафақат итальян, балки Европа шеъриятини янги босқичга олиб чиққан улуғ шоирдир. Айни пайтда, ғарб Уйғониш даврининг гуманизм ғоялари билан йўғрилган маданиятига тамал тошини қўйган ижодкорлардан биридир. Шоир асарлари, хусусан, гўзал сонетлари дунё адабиётига катта ижобий таъсир кўрсатган. Ўзбек шеъриятида мазкур жанрнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши ҳам Петрарка ижодининг таъсири билан боғлиқ.

Бугунги кунда Петрарка асарлари она тилимизга қайта-қайта ўгирилаётгани ҳам ўзбек таржимонларининг итальян шеъриятига самимий ҳурмати ва меҳридан далолат беради.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашрга тайёрланган ва “KolorPak” МЧЖда чоп этилган янги китобдан жаҳоншумул адибнинг “Авлодларга мактуб” асари ва сонетларидан намуналар ўрин олган. Уларни таниқли ижодкорлар – Маҳкам Маҳмудов ва Салим Ашур ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилишган. Китобга Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид сўзбоши ёзган.

Умид қиламизки, ушбу муҳташам китоб узоқ асрлардан буён давом этиб келаётган ўзбек-итальян адабий алоқаларини янада мустаҳкамлашга муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.

ЎзА