Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институтининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Мазкур институт давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 13 январдаги “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган. Меҳнат бозорида рақобатбардош, амалий кўникмаларни эгаллаган олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш, ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларининг замонавий моддий-техника базасини яратиш, ишлаб чиқариш ташкилотларининг муаммоларини ечишга қаратилган илмий, амалий ва инновацион тадқиқотларни ривожлантириш, республика ҳамда етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш сингари вазифалар институт фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади. У
ниверситет ректори, профессор Рустам Холмуродов институт жамоасини янги бино билан табриклаб, уларнинг илмий фаолиятига муваффақият тилади. Муҳандислик физикаси институтида айни пайтда 7 таълим йўналиши бўйича 937 нафар бакалавр, 5 таълим йўналиши бўйича 57 нафар магистр таҳсил олмоқда. Шунингдек, 8 ихтисослик бўйича 40 нафар докторант тадқиқот олиб бормоқда. Институтда электромагнитизм, оптика ва спектроскопия, молекуляр люминисенсия, лазер физикаси, қаттиқ жисмлар физикаси, ядро физикаси, космик нурлар физикаси илмий мактаблари фаолият кўрсатмоқда.
– Мамлакатлар физиканинг энди ривожланаётган йўналишларидаги мавжуд имкониятларини бирлаштирса, муваффақиятга эришиш ҳам осон бўлади, – деди АҚШнинг Техас университети қошидаги нанотехнология институти директори ўринбосари Анвар Зоҳидов. – Бу борада халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти жуда юқори. Ўзбекистонда бугун шу каби институтларга эҳтиёж катта деб ўйлайман. Муҳандислик физикаси институти бу йўлда дастлабки қадам бўлди. Замонавий бино, замонавий жиҳозларга эга лабораторияларни кўриб, Ўзбекистонда бугун илм-фан инқилоби юз бермоқда, дейиш мумкин.
Институтда 6 кафедра мавжуд бўлиб, илмий салоҳият 74 фоизни ташкил қилади. Унда 1 нафар академик, 17 фан доктори, профессор, 35 нафар фан номзоди билан бирга 10 нафар хорижлик профессор-ўқитувчи фаолият олиб бормоқда. Айни вақтда 22 ўқув ва материалшунослик, молекуляр спектроскопия, молекуляр люминэссенция, квант электроника, ночизиқли оптика илмий лабораториялари мавжуд.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА