Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, жорий йилнинг 1 июнидан солиқ ҳамкор орқали ноқонуний алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси юзасидан мурожаат йўллаш ишга туширилди.

Эндиликда қалбаки акциз маркали ёки акциз маркасиз, маркировкаланмаган, рухсати бўлмаган ҳолда ёки сифатсиз алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш каби қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида Солиқ органига мурожаат қилиш мумкин.

Солиқ ҳамкор орқали келиб тушган мурожаатлар назорат ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун асос бўлади. Мурожаатлар 10 иш кунида мажбурий тартибда кўриб чиқилиб, натижаси бўйича мурожаат йўллаган шахс хабардор қилинади ва тасдиғини топган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жариманинг 20 фоизи, жиноятлар учун эса БҲМнинг 5 бараваригача миқдорда рағбатлантирилади.

Шунингдек, Солиқ ҳамкор орқали чек бермаслик, пластик картага савдо қилмаслик, маҳсулотни пластик картага қиммат сотиш ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти юзасидан мурожаат йўллаш мумкин.

 

Ш.Маматуропова, ЎзА