Аввал хабар қилинганидек, бугун, яъни 7 июнь куни Брюссель шаҳрида ўтказилаётган «Европа яшил ҳафталиги» анжумани доирасида Марказий Осиё давлатлари оммавий ахборот воситалари ходимлари учун учрашувлар ташкил этилди.
Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича етакчи матбуот котиби Петер Стано билан учрашув улардан бири.
Учрашувда жаноб Петер Стано иштирокчиларга Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида оммавий ахборот воситалари йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича етакчи матбуот котиби ўзи фаолият кўрсатаётган ушбу ташкилот тузилмалари ҳақида маълумот берди.
– Аввало, ушбу учрашув барчамиз учун фойдали бўлади. Ўзаро танишув, мулоқот ва фикр алмашиш ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ҳисобланади. Келгусида ҳам ҳамкорлигимиз янада кенгайиб боради, – деди у.
Учрашув якунида Петер Стано ҳафталик иштирокчилари саволларига жавоб берди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА мухбири
Бельгия, Брюссель шаҳри