Бугун, 7 июнь куни Таиландда велошоссе бўйича «Париж-2024» Олимпиадасига йўлланма тақдим этадиган Осиё чемпионати бошланди.

U-18, U-23 ва катталар ўртасида ўтказилаётган ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам совринли ўринлар учун кураш олиб бормоқда.

Айтиш лозим, чемпионат дастуридан ўрин олган эркаклар ва аёллар ўртасидаги гуруҳ пойгаси йўналишида 1-, 2-ўринни эгаллаган спортчилар «Париж-2024» Олимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланма олади.

Қитъа биринчилигининг илк кунидаёқ ҳамюртларимиз шоҳсупага кўтарилди. Мусобақанинг аралаш жамоавий эстафета баҳсларида спортчиларимиз кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.

30 километр масофага кечган катталар ўртасидаги пойгада Ольга Забелинская, Янина Кускова, Евгения Голотина, Алексей Фомовский, Дмитрий Бочаров, Бегзод Раҳимбоевдан иборат жамоамиз кумуш, Асал Ризаева, Севинч Йўлдошева, Моҳинабону Элмуродова, Фаррух Бобошеров, Диёр Тоҳиров ҳамда Камолиддин Баҳриддиновдан иборат ёшлар жамоамиз эса бронза медалига сазовор бўлди.

Қитъа чемпионати 13 июнга қадар давом этади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА