Тошкентда Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ИСО) гендер ҳаракат дастури бўйича халқаро анжуман бошланди.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур халқаро тадбирда ИСО экспертлари ва 30 га яқин мамлакатнинг миллий стандартлаштириш ташкилоти вакиллари иштирок этмоқда.
Маълумки, мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган ҳаракат ва бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги юртимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор қадамидан нишона сифатида кўрилмоқда. Гендер тенгликни таъминлаш масаласи дунё бўйлаб муҳим аҳамиятга эга. БМТ томонидан қабул қилинган ҳужжатларда, хусусан, 2015 йил қабул қилинган 70-сонли резолюцияда бу ўз ифодасини топган.
БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида мамлакатимизда “Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалари” қабул қилинган.
Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 30 га яқин қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Хусусан, 2019 йилнинг 3 сентябридан «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ва 2021 йилнинг 28 май кунидан «2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори кучга кирди. Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги 5-мақсад — “Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”дир.
Шу боис Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ИСО) томонидан мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришишдаги кенг кўламли ислоҳотлар инобатга олиниб, Гендер ҳаракат дастури бўйича халқаро семинар ташкил этилди.
Тадбирда гендер тенгликни таъминлашда қабул қилинган халқаро стандартлар, қонунчилик ҳужжатлари, гендер тенгликка эришиш стратегиялари, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш ва бу борада халқаро стандартларга риоя этиш борасида ўзаро фикр алмашилди.
Анжуманда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинмоқда.
Мазкур халқаро анжуман 9 июнгача давом этади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА