Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддасида “Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак”, дея қайд этилган.
Декларациянинг 2-моддасида эса ҳар бир инсон ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар, ушбу Декларацияда эълон қилинган барча ҳуқуқ ва барча эркинликка эга бўлиши зарурлиги эътироф этилган.
Бу умуминсоний тамойиллар Ўзбекистон миллий қонунчилигида ҳам устуворлик касб этади.
Айтиб ўтиш керакки, мазкур декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган энг биринчи халқаро ҳужжатдир.
Ўзбекистон Конституцияси тамойиллари юқорида қайд этилган халқаро меъёрларга тўлиқ мос келади.
Бош қомусимизга кўра, Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли.
Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқейидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси кучга кирганига жорий йилда 75 йил тўлади.
Шу муносабат билан Давлатимиз раҳбари 2023 йил 12 майда «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Фармонда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни тўлиқ рўёбга чиқариш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, давлат органлари фаолиятига тизимли ва босқичма-босқич жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилган.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек, жамият ва ҳар бир фуқаро ҳаётига уларни татбиқ этиш Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида марказий ўринни эгаллаб келмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини самарали бажаришга қаратилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилаётгани унинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига ҳамда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Бирлашган миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида фаол ҳаракати, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ҳамда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачилари билан яқин ҳамкорлиги бунга ёрқин мисол бўлмоқда.
Инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларни амалга ошириш бўйича изчил ишлар қилинди. Айниқса, аёллар, болалар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий адолат тамойилларига конституциявий мақом берилди.
Шунингдек, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонуний асосларини шакллантириш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг қабул қилиниши бу йўналишда таълимни янада ривожлантиришга, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини, давлат хизматчиларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган.
Шу асосда фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тамойиллари ва нормалари тўғрисидаги билимларини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий, қонунчиликка оид чора-тадбирлар тизимини янада такомиллаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилади.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тасдиқланади.
Санага бағишланган тадбирларда давлат ташкилотлари ва муассасалари, жамоатчилик бирлашмалари, оммавий ахборот воситаларининг фаол иштирок этиши энг муҳим вазифа этиб белгиланди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган халқаро тадбирларда Ўзбекистон вакилларининг фаол иштирок этиши бўйича халқаро ташкилотлар, энг аввало, БМТ муассасалари билан яқин ҳамкорлик таъминланади.
Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази 2023 йилдан бошлаб ҳар йили 1-10 декабрь кунлари мамлакатимизда “Инсон ҳуқуқлари” ўн кунлигини эълон қилиш ҳамда барча умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кунга бағишланган умуммиллий дарслар ўтказишни йўлга қўяди.
Бир сўз билан айтганда, дунё халқлари ҳуқуқлари ҳимоясини ўзида ифода этиш билан бирга уларни бирлаштириб турадиган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги юртимизда муносиб нишонланади.
Норгул Абдураимова, ЎзА