Ўзбекистонда 4 минг 979 нафар адвокат, 2 минг 554 адвокатлик тузилмалари мавжуд. Улар қандай фаолият юритмоқда ва соҳани рақамлаштириш қандай натижа беради?
Ушбу саволларга Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева жавоб берди:
– Адвокатларнинг фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясини тўлақонли таъминлаши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Қонунчиликда уларнинг мақомини кўтаришга қаратилган муҳим меъёрлар киритилди.
Президентимизнинг “Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан соҳани рақамлаштиришга оид ишлар амалга оширилмоқда.
Унга кўра, адвокатлик фаолияти учун лицензиялар электрон шаклда махсус QR-код қўйилган ҳолда инсон омилисиз берилиши белгиланди. Талабгорларга адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонига ҳужжат топширишнинг электрон тартиби йўлга қўйилди, талабгорга имтиҳон ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақида электрон шаклда, шунингдек, “SMS” хабарнома ёрдамида маълум қилинади.
Адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ва қайта рўйхатдан ўтказиш ҳамда тугатиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали “ягона дарча” тамойили асосида фақат электрон тарзда амалга оширилади.
Адвокатлик фаолиятини бошлашда малака имтиҳонини топшириш, адвокатлик фаолияти учун лицензия олиш ва адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш, адвокатлик гувоҳномасини олиш бўйича композит хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Яъни, талабгор бир марта ариза бериб, ушбу барча хизматлардан кетма-кет равишда фойдаланиши мумкин бўлади. Ҳар бир мурожаат учун алоҳида ваколатли органларга ташриф буюриши, такроран ариза бериши талаб этилмайди.
2023 йил 1 январдан фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, адвокатура соҳасини судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари фаолияти билан интеграция қилишни назарда тутувчи “Юридик ёрдам” ахборот тизими ишга туширилди.
“Юридик ёрдам” ахборот тизимида адвокатлар электрон реестри ва адвокатларнинг шахсий электрон кабинети шакллантирилди. Адвокатлик ордерини махсус QR-код қўйилган ҳолда электрон шаклда расмийлаштириш йўлга қўйилди. Ордерни қайд этиш дафтарини юритиш талаблари бекор қилинди. Адвокатларнинг онлайн малака оширишини ташкил этиш ва малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни электрон шаклда бериш тартиби жорий этилди. Адвокатлик тузилмаларидан статистик маълумотларни анъанавий шаклда йиғиш бекор қилиниб, статистик маълумотлар автоматик равишда умумлаштирилади.
“Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун яқинда Сенатда маъқулланди. Ушбу қонунга кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам жиноят ишлари билан бир қаторда, фуқаролик, маъмурий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича ҳам кўрсатилиши, давлат ҳисобидан адвокатларни ишга жалб этиш инсон омилисиз, электрон тартибда тасодифий танлаш йўли билан аниқланиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, адвокатларнинг далилларни тўплаш ва суд процессидаги ваколатлари кенгайтирилиб, адвокатларга экспертиза тайинлаш ва эксперт хулосасини суд материалларига қўшиб қўйилишини сўраш ҳуқуқи берилди.
Шу билан бирга, 2023 йил 1 июнда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ушбу низом билан адвокатлик гувоҳномаларининг QR-код қўйилган ID-карта шаклидаги янги намунаси тасдиқланди.
QR-кодни сканерлаш орқали адвокатнинг адвокатлик гувоҳномаси ким томонидан берилганлиги, адвокат мақоми, адвокат фаолият юритаётган адвокатлик тузилмасининг номи, адвокатнинг ихтисослиги, лицензия рақами ва берилган санаси аниқланади.
Адвокатнинг ихтисослиги ва фаолият юритадиган тузилмаси ўзгарганда гувоҳномани қайта расмийлаштириш талаб этилмайди.
Шунингдек, адвокатлик гувоҳномасини олиш учун фақатгина электрон мурожаат қилишнинг ўзи кифоя қилади.
Агарда адвокат адвокатлик тузилмасини янги ташкил этган бўлса, адвокатлик гувоҳномасини олиш учун мурожаат қилиши талаб этилмайди. Унга гувоҳнома автоматик тарзда композит хизмат кўрсатиш йўли билан берилади.
Адвокатлик гувоҳномасини гувоҳнома берувчи органга бормасдан туриб олиш мумкин. Яъни адвокатлик гувоҳномаси адвокатнинг хоҳишига кўра адвокатлик тузилмасининг манзилига курьерлик хизмати орқали юборилади.
Адвокатура соҳасига оид бундай янгилик ва имкониятлар адвокатларнинг эркин фаолият юритишига, фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимоясини самарали ҳимоя қилишларига йўл очмоқда.
Норгул АБДУРАИМОВА
ЎзА мухбири