“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани бўлими томонидан “Обод маҳаллам” лойиҳасининг иш режаси асосида учрашувлар, давра суҳбатлари, танловлар ташкил этилиб, аҳолининг экологияга оид билимларини бойитиш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Куни кеча “Баркамол авлод“ болалар марказининг “Ёш эколог ва табиатшунос” тўгараги аъзолари Беруний туманидаги “Бадай-тўқай” давлат қўриқхонасига саёҳат уюштирди. Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, болаларга турли касбларни ўргатиш мақсадида марказда етти йўналишда машғулотлар олиб борилади. Айниқса, “Ёш эколог ва табиатшунос” тўгарагига қатнашиш учун ўқувчиларда ҳавас юқори бўлмоқда.
Мазкур тўгаракнинг мақсад ва вазифалари ёшларда экологик онгни шакллантириш, санитария-гигиена масалаларидаги малакаларини ривожлантириш, бугунги кундаги долзарб экологик муаммоларни назарий ҳамда амалий кўрсатиб бериш орқали ўқувчиларни табиатга муҳаббат руҳида тарбиялашдан иборат. Шу мақсадда ўқувчилар билан биргаликда табиат қўйнига саёҳат уюштирилди.
1971 йилда ташкил этилган “Бадай-тўқай” давлат қўриқхонаси бугунги кунда Қўйи Амударё биосфера резервати деб номланади.
Мазкур қўриқхонада турли хил жониворлар, қушлар, доривор ўсимликлар муҳофаза қилинади. Табиатимизда йўқолиб бораётган ўсимлик ва ҳайвонот олами муҳофаза остига олинган. Ўқувчилар саёҳат давомида қўриқхона музейида мавжуд бўлган ўсимлик турлари, ҳайвонот олами ҳақидаги маълумотларга ҳам эга бўлишди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири