Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ҳамда ғамхўрлиги билан юртдошларимизнинг Ҳаж ибодатларини ҳар қачонгидан ҳам юксак савияда ташкил этиш, улар учун муносиб қулайликларни яратиб бериш борасида тизимли ишлар ҳаётга татбиқ этиляпти.
Таъкидлаш керакки, бундан атиги олти-етти йил аввал Ҳаж квотаси 5 200 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу рақам 7 200 та, 2022 йилда эса 12 000 тага етди. Жорий йилда мамлакатимиз фуқаролари учун умумий Ҳаж квотаси 15 000 этиб белгиланди. Албатта, Ҳаж квотасининг йилдан-йилга ошиб бориши ҳам юртимизда диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўлами нақадар кенглигидан дарак беради. Энг муҳими, халқимиз бу каби ўзгаришларни катта хурсандчилик ва қувонч билан қарши олишмоқда.
Дарвоқе, юртимиз зиёратчилари шу йилнинг 4 июнидан 19 июнь кунига қадар республиканинг 10 та ҳудудий халқаро аэропорти (Тошкент, Наманган, Фарғона, Қарши, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Урганч, Нукус шаҳарлари) орқали Мадина шаҳрига юборилмоқда. Улар Ҳаж амалларини тўкис адо этиб бўлгач, 4 июлдан 22 июлга қадар Жидда шаҳридан Ўзбекистонга қайтишади. Маълумот ўрнида айтиш лозимки, зиёратчиларимиз айни пайтда Мадина шаҳридаги Масжиди Набавийдан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Пуллман” меҳмонхонасида истиқомат қилишмоқда. Макка шаҳрига боришгач, “Рошидия”, “Аброж Дана”, “Лаба Дарна”, “Руба ал-Ҳижаз” меҳмонхоналарида истиқомат қиладилар.
Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш ҳамда ибодатларни эмин-эркин, тўла-тўкис амалга оширишлари учун юқори малакали Ишчи гуруҳ аъзолари, шифокорлар, ошпазлар ва гуруҳ раҳбарлари жалб этилди. Айни кунларда бир гуруҳ юртдошларимиз Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида зиёратларни кўтаринки руҳда давом эттирмоқдалар.
Зиёратчиларимиз дастлаб Мадина шаҳридаги Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари — Масжидун Набавийда намоз ўқиб, Яратгандан жонажон Ўзбекистонимизга янада равнақ, халқимизга эса файзу барака, фаровонлик ҳамда фарзандларимиз камолини тилаб дуо-ю илтижолар қилишяпти. Шунинг билан бирга, улар ушбу манзилдаги Равзаи муборакда ибодат қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломга салом бериш бахтига муяссар бўлишмоқда.
Ўзбекистонлик зиёратчилар Уҳуд тоғи ва Ислом тарихида биринчи қурилган Қубо ва Қиблатайн масжидларида ҳам бўлиб, зиёрат амалларини тўкис адо этишмоқда.
Ўзбекистон Мусулмолари идораси матбуот хизмати.
ЎзА