Хотин-қизларнинг турмуш фаровонлиги ошиши, уларнинг жамият ҳаётида тутган ўрнини яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Кейинги пайтда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган 11 мингга яқин тарқатма материал, 400 га яқин видеоролик тайёрланди. Маҳалла, таълим муассасалари ҳамда корхона ва ташкилотларда 10 мингдан ортиқ учрашув, давра суҳбатлари ўтказилган.

Миллий кадрлар захирасида хотин-қизлар улушини 30 фоизга етказиш мақсадида “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастурига мувофиқ 53 нафар тингловчи хотин-қиз ўқитилди.

Сиёсий партиялар томонидан “Сиёсатчи аёллар” тўғрисида юзга яқин медиа маҳсулотлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқлар орқали ёритилган. Шунингдек, партияларнинг ижтимоий-сиёсий нашрлари (газета, журнал) орқали гендер тенглик мавзусига оид 300 дан ортиқ материал чоп этилган.

Сенатда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси муҳокамаси жараёнида юқоридаги рақамлар қайд этилди.

Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан сенаторлар, экспертлар, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирда аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари томонидан меҳнат жамоаларида зўравонлик турлари ва уларнинг олдини олиш бўйича қисқа муддатли семинар-тренинглар ташкил этилаётгани таъкидланди. Бундай тадбирларга икки мингдан зиёд иштирокчи қамраб олинган.

Сенаторлар Гендер тенгликка эришиш стратегиясида белгилаб берилган вазифа ва чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда бу борадаги ишларни кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди.

Муҳокама жараёнида ўз вақтида бажарилмаётган айрим вазифалар ижросига эътибор қаратилиб, вазирлик ва идораларга тегишли тавсиялар берилди.

Хусусан, барча давлат органларидаги хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича Маслаҳат кенгашлари аъзоларини алоҳида дастур асосида ўқитиш, гендер стереотипларни бартараф этишга қаратилган видео ва аудио материалларни оммабоп ижтимоий тармоқлар ва блогларда кенг тарғиб қилиш, давлат бошқаруви органлари меҳнат жамоаларида зўравонлик турлари ва уларнинг олдини олиш бўйича қисқа муддатли ўқувлар қамровини кенгайтириш зарурлиги айтилди.

Н.Абдураимова, ЎзА